09.09.1951й.
Афсуски бу дафтарни тутиш фикри хаёлимга жуда кеч келди. Афтидан умидсизланиб кетган эканман. Кеча университетга кетаётиб Сайдий домлани кўрдим. Унинг қаламга олинган нарса йўқолмайди, яхши ният юзага чиқади, деган сўзлари менинг қалбимда умид учқунларини ёқди. Чиндан ҳам фақат яхшиликни ўйлаган тоза қалб туҳмат гирдобида ҳеч қачон йўқолмайди. Агар яна қайтиб минбарга чиқиш менга насиб қилса, ана шу ҳақ ният тантана қилган бўлади. Ана шу пайтда мен “уларнинг” кўзларини бир лаҳзагина учратгим келади, йўқ, “улар” менинг кўзимга қарайолмайдилар. Ҳа, худди ўшанисини кўргим келади.
Бугун дам олиш куни. Уй йиғиштиргач, студентлар зора сотиб олар деган ниятда диаматдан конспект печать қилдим. Нима қилай, ҳалол меҳнат - айб эмас. Бир йилдан бери шундай қилиб тирикчилик қиламан. Стипендия нима бўлади. Оила, рўзғор ташвиши кўп бўлар экан. Роҳатини кўрмаганим учун турган-битгани ташвиш десам ҳам бўлади. Асли шундай бўлмаса ҳам, мен учун шундай. Саид Аҳмаддан бир ярим ойдан бери хат йўқ. Кўнглим жуда ғаш.
10.09.1951й.
Бугун дарс йўқ. Бироз конспект ёздим. Газетада чиқаролмаган баъзи мақолаларимни қараб чиқдим. Орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам уларни ўзгартиришни лозим топмадим. Демак ҳамон фикримда қатъийман. Нуқсонини тополмадим. Афсуски хизматини ўтамадилар, қоғозлар орасида қолиб кетдилар. Майли, қаламга олинган нарса йўқолмайди.
Турмушдаги сўнгги халоватим йўқолди. Ҳар куни жанжал, пичинг. Саводсиз одамнинг ақллилиги қаерга борар эди. Д. келиб мени ғашимга тегиш учун М.ни мақтади. Кошкийди, эримга ўша текканда, мен бу азобларни кўрмаган бўлар эдим. Менинг келажагим жуда порлоқ эди. Мени ҳам чиройли йигитлар яхши кўрган. Лекин мухаббат чиройга қарамас экан. Йўқ, менинг эрим бор, мен унга ҳеч қачон вафосизлик қилмайман, алдамайман. Ўтганларни яшириб бўлмайди, бироқ, эслашни ўзи ҳам мени эрим олдида гуноҳкордай азоблайди, кўзимга тикилиб тургандай бўлади-да, сесканиб кетаман.
Андижондан хат олдим. Хулласи бу кун ҳам кўпдан бери ўтаётган кунлардай азоб билан ўтди, эслагундай бирор лаззати йўқ. Фақат соғ - саломатман, яшаяпман. Соғликни ўзи катта бахт. Буни яқинда, касал бўлган кунимда сезган эдим. Ўша куни шундай деб ўйлаган эдим, энди эса унутаёзибман. Ҳа, айтмоқчи бугун эскичасига арафа экан. Ош қилишга қурбимиз етмади. Бу умримда биринчи марта пулга мухтож (бўлганман-у, лекин шунчалик эмас) бўлишим. Кечгача Саид Аҳмаддан хат кутдим, келмади. Нима бўлди экан? Балки ёзишга рухсат бермаётгандир.
11.09.1951й.
Зот, насл ҳақидаги бачкана гапни эшитиб, одамлар, чинакам одамлар назаридан четда қолган, ҳаёт оқимига тушинмаган саводсиз бечорага раҳмим келди, кулдим да, Меҳрихонникига чиқиб кетдим. Куни бўйи уларникида чоқ-чоқлашиб ўтирдик. Менинг турмушга чиқмасимдан олдин ёзган баъзи шеърларим Меҳрихонда экан. Тўйдан уч кун олдин, баъзи гапларни ёзиб Меҳрихонга ўзим эсдалик қилиб қолдирган эканман.
Тавба, яхши гаплар ёзган эканман, ҳа, тўғри гаплар ёзган эканман. Майли, мен уларни ёзмайман. Улар ушбуни ўқиган киши учун сир бўлиб қолаберсин. Чунки ҳар вақт тортиб келаётган азобим, яъни тўғрилигим туфайли тортаётган азобимни у “сир” яна тахқирлаши мумкин. Оқил чиндан ўзгани демас, аммо барча чин сўзни демак оқил иши эмас, деган мақолга шу минутда, иқрор бўлай, 1чи марта амал қилдим. Мухаббат! Менинг кўзимга бундан икки йил олдин ажойиб олам бўлиб кўринган мухаббат энди тамомила ўз қадрини йўқотди, одамлар уни ўзларидек қадрсиз, тубан, ифлос қилиб қўйибдилар. Бу гапим учун баъзилар мени айбларлар. Лекин улар менинг ўрнимда бўлганларида, мухаббат пардаси орқасидаги ярамасликларни кўрганларида эди, худди мендек жирканган бўлар эдилар. Эркаклар... Эҳ, улардан шунча нафратландимки, хатто ёмон сўзимни ҳам уларга муносиб кўрмайман. Қаранг, бутун бошқа гапларни ёзабошлапман. Ҳа, кечқурун Меҳрихон билан “Горький” паркига чиқдик. Яна айтмай иложим йўқ: “жазманлар” искович итдек кетингдан юради, яна уларнинг шунчалик ишонч билан ёндашишлари мени ҳайрон қилди. Ёки хотинларнинг ичида ифлоси кўп, ёки ҳамма ифлос. Ёнингизда бирон эркак киши бўлмадими, сиз худди эгаси йўқ молдексиз. Меҳрихонникида тунаб қолдим. Уйдан безабошладим. Яқиндагина эримга бўлган садоқатимни ҳам, ҳурматимни ҳам шу уйимга бўлган меҳрим билан босар эдим. Энди-чи? Энди келишга юрагим безиллайди. Кошки эди, у менга уйланмаган бўлса!
12.09.1951й.
Эрталаб Меҳрихонникидан дарсга кетдик. Бир нусха конспектимга студентларнинг бири пул берди. Уни томсувоққа асраб қўйдим. Кўпдан бери Саид Аҳмадга ҳеч нарса юборолмаяпман. Ҳеч ким, кўнглим учун ҳеч ким уни эсламайди. Мен ҳечкимдан умид ҳам қилмайман, хафа ҳам бўлмайман. Лекин эримнинг қадрига ҳафа бўламан. Саккиз ой передача ташидим, пул тополмай қон - қон йиғлаган кунларим бўлди. Бегоналар менга қарз берди, аммо ўзникилар ейаётган гўштларини бир тўғрам камайтиришга кўзлари қиймадилар. Майли, қариндошга ҳам бор бўлсанг қариндошсан, деган гапни мен айтмаганман-ку! Меҳнатга киши ўлмайди. Қўлимдан келганини аямайман, бироқ киши кўзига қарамайман, қаратмайман ҳам. Ўз кучим билан топиб, жони таним билан юборган беш сўмим, бировдан юлиб олган 100 сўмдан кўра кўпроқ уни тўйдиради. Чунки мен бутун бахт-саодатимни унинг оёғи остига ташладим, ундан ҳеч нарсани аямадим, унга нисбатан энг самимий одам бўлдим ва шундай бўлиб қоламан. Ҳоҳ у буни билсин, ҳоҳ билмасин, бу унинг иши! Мен ундан мени тўғри тушунишдан бошқа ҳеч нарсани талаб қилмайман. Хат келмаётир. Нима бўлди экан? Бунга ҳеч ким жавоб бермайди.
13.09.1951й.
Дарсга эрталаб кетганимча соат 3дан кейин келдим. Ойим Камолхон аканикидан келиб турган экан. Чой ичгач, бироз конспект кўчирдим. Магазинга ёққа борган эдим, магазинчи қўлидан идиши тушиб кетиб ёғ тўкилди, идиш синиб кетди. Ўша ерда бировдан идиш топиб ёғ олиб келдим.Ойим билан иккимиз уни қишга тайёргарликнинг бошланиши деб олиб қўйдик, чунки экзамен кезларида мен иш қилолмай қолсам қийналиб қолишимиз мумкин. Ҳар қалай ёғ бўлса, картошка топсак овқат бўлади. Қиш десам махси галош, ўтин эсимга келади. Бир ёқдан 500 сўм қарзман. Шу атлас кўйлакни чакки олдим. Кечқурун свет ёмон бўлгани учун ҳеч нарса қилиб бўлмади. Ҳаёл суриб ўтирдим ва ухлаш олдидан ушбуни ёздим.
14.09.1951й.
Хаёт мен учун одатдагидай, бир текис, кўнгилсиз. Икки соат дарсдан қолганим учун Восиқ деканатга ёзиб берибди. Спискани текширсам, ўзининг хотинини кўплаб дарсдан қолганларини отметка қилмаган экан. Деканатда мен староста (Восиқ) дан тўғри ишлашни талаб қилдим. Тўғри гапни тўқмоғи бор дейдилар-ку! Бу гап унга қаттиқ тегди, бироқ индаёлмади. Дарсдан келсам, Рахбархон айтиб кетган экан. Бордим. У менга қарз берган пулини қистади, тўй қилаётган эди, керак бўлиб қолган экан. Мен стипендиягача сабр қилишни сўрадим. Кечаси Мунирахон билан хаммомга бориб келдим-да, ухладим.
15.09.1951й.
Студентлар кўчиришга конспект бердилар. Рус тилида экан, менинг машинкамда харф етмас эди. Нима қилай, бошқа иш йўқ, бир иложини қилиб ёзаман-да. Уйга келгач, фақат уч листгина ёздим. Диплом ёзиш учун Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар” романини яна қайта ўқишга тўғри келди. Қайта ўқишга бошладим. Кечқурун свет хира бўлди, ўқишни ҳам, ишлашни ҳам иложи бўлмади. Хат кутаман, хат келмаётир.
16.09.1951й.
Рахбархон синглисини эрга берди. Қариндош бўлгани учун бормасликка илож тополмадим. Бордим, кўнглим сира ҳам ёримади, Саид Аҳмад эсимга келди: у куёв бўлиб, хали бизникига боргани йўқ эди.
Ҳа, пулим йўқ бўлгани учун келинга ҳеч нарса подарка қилолмадим, кун бўйи ўнғайсизланиб юрдим.
17.09.1951й.
Эрталабдан кечгача конспект кўчирдим. Меҳрихон келиб кетди. Кўзим оғриб қолди. Ўзи яқинда оғриб тузалган эди, нима бало бўлди, кўз оғриқни унча билмас эдим. Кечқурун очолмай қолдим. Конспектни тугатиш керак эди, томсувоқ кечикиб кетяпти.
18.09.1951й.
Эрталаб кўзим анча дуруст бўлиб қолган экан, кун бўйи конспект ёздим, кечга бориб яна очиб бўлмай қолди. Ухлашга мажбур бўлдим.
19.09.1951й.
Дарсдан сўнг, тинчлик комитетининг мурожаатига бағишланган йиғилиш бўлди. Қайтишда келинойимникига кирдим. У ердан қайтгач, Машхурахон опамни олиб “Мексикали қиз” фильмини кўргани бордим. Жуда таъсирли деб тарифлаган эдилар. Менга унчалик кўринмади. Ҳарқалай ўз бошимдаги фожиадан кўра ортиқ бўлмаса керак. Ҳозир юрагим шу қадар тош бўлиб кетганки, ҳар қандай оғир ходиса: ўлим ҳам, айрилиқ ҳам, очлик яланғочлик ҳам, азобнинг турли-турли хилларининг ҳаммаси мен учун жуда оддий, гўё шундай бўлиши керакдек туюлади. Кулки, ашула, музика эса қиттай лаззат бермайди. О, уларни яқиндагина мен қандай севар эдим. Энди эса кўролмайман.
20.09.1951й.
Дарсдан келсам, райсобесдан одам келиб ойимнинг урушда ўлган ўғли учун пособие олса бўладими-йўқми текшираётган экан.Унга мени бегона деб таништирдилар, мен ҳам шундай дедим. Бу умримда кишини алдашга биринчи марта ботинишим эди. Бунинг учун мени гунохкор қилмоқчи бўлсалар, даставвал шу ёлғонни гапиришга мени мажбур қилган шароитни даволасинлар. Бўлмаса, мен барибир гуноҳ деб билмайман ёлғон гапимни. Ойимга қийин, бола боққани учун айбдор эмас албатта. Менинг ҳам ягона бахтим, хозирги оғир кунларимда ҳам юз ўгирмаган фақат онам. Мен эса унга нима қилдим ва нима қилганман? Ҳеч нарса, азобдан бошқа ҳеч нарса бермадим. Онажон! Мен хизматларингизни қайтаролмасам, укаларимдан қайтсин, узоқ умр кўринг, соғ бўлинг. Ахир бу бахти қаро қизингиз шунча бадбахтликни ўйлабмиди? Нима қилай, сизга азоб беришга ва ўзим азоб чекишга туғилган эканман.
Кечқурун китоб ўқидим. Маузия опа, Ойша опа, мен ўтириб Поля деган хотинга эримизни иши нима бўлади деб карта очирдик. Ҳа, юпаниш учун шундай ишлар билан ҳам шуғулланадиган бўлдим. Тўппа-тўғри, самимий пок одамни қандай қилиб расво қиляптилар! Саид Аҳмадакамни касал бўлса керак деб айтди. Уйқим бутунлай қочиб кетди, кўзимга ҳар хил қиёфада кўринди, йиғладим. Тўйиб-тўйиб йиғладим. Кўз ёшларим сиёҳ бўлганда эди, ушбуни ҳам кўз ёшим билан бемалол ёзиб тугатган бўлар эдим. Афсус, бу кўз ёшлар жуда қадрсиз, уни ҳеч ким билмайди, унинг сабабини ҳеч ким сўрмайди. Қизиқ гапираман, сабаби ҳаммага аён-ку! Нимасини ҳам сўрасин?!
Бошимдан не-не кунлар ўтганда ҳам мен унга ёзмаган эдим, уни жуда қизғонар эдим. Жони жонимдан ўтгач, ўша хатни ёздим-у, лекин ўзим ундан баттар азобдаман. Қўлидан нима келади? Гоҳ ундан, гоҳ мендан хафа бўлади холос. Балки у ҳам мени қоралар, ўз кўзи, ўз қулоғи билан эшитмагач, билмайди. Одамлар жуда уста бўлар экан. Тангрим! Бошимда шунча кунлар бор экан, нега мени ҳам ўшандай уста, айёр қилиб яратмадинг. Тўғри бўлганим учун ҳам сендан яшириниб шайтондан сабоқ ололмадим шекилли! Энди ўзгариш қийин бўляпти ку! Йўқ, ҳеч бўлмаяпти!
21.09. 1951й.
Дарсдан келаётиб Мухаррам опа билан магазинга кирдик. Мухаррам опа ўзига кўрпа астарлик олди. Мен ундан менга бир метр сочиқ олиб беришини сўрадим. Пиёла сочиғимиз жуда йиртилиб кетган эди. Унга кўп вақт конспект кўчириб бераман. Ҳисоб китобини ўшанда қилармиз. Энди яна бирор фандан конспект кўчириб берсам, Мухаррам опа менга кирогаз олиб берадиган бўлди. Қишда ўтин жуда қийнайди. Кирогаз бўлса, ҳарқалай, керосин ўтиндан арзонроқ тушади. Ҳа, Хосиятхон опа менга уйингиздан кетинг, ўзингизни қийнаб нима қиласиз, айниқса ана бу онахотин билан яшаш жуда қийин, деди. Эҳ, биламан, жуда қийин, қийналяпман ҳам, бироқ уйни ташлаб кетиш ундан ҳам қийинроқ. Эримга ичим оғрийди, ундан юз ўгирмаган хозир фақат менман. Агар мен ҳам кетсам унга жуда оғир бўлса керак. Яна билмайман, эркак кишиларни билиб бўлмайди. Уйга келсам Машхурахон опам билан Далила уруш қилибди. Кеча ҳам урушган эди. Хайронман, нега ўзиникилар билан ҳам чиқишаолмайди.
Кечқурун угра қилдик. Чўмичимиз синиб қолган эди, пиёла билан қуяман деб қўлимни ҳам куйдирдим.
22.09.1951й.
Дарсдан жуда чарчаб келдим. Бироз дам олгач, овқатга уриндим. Кечқурун свет бўлмади, ухладим.
23.09.1951й.
Дам олиш куни эди. Эрталаб кир дазмол қилдим. Мунирахон билан хаммомга бордим. Диаматдан конспект кўчирдим. Китоб ўқидим. Газетани кам ўқийман - бу менинг ўзимга кечириб бўлмаслик гуноҳ. Янги йилдан обуна бўлишим керак албатта.
24.09.1951й.
Дарсдан сўнг Фароғат опамникига бориб, бироз ўтириб қайтдим. Ҳайрият, ўзи ҳам жиянининг феълини билар экан. Уйга қайтгач, ойим иккимиз тупроқ қазидик, том сувоққа. Кечқурун китоб ўқидим.
25.09.1951й.
Бугун дарс йўқ. Мустақил ишлаш куни. Мен эса эрталаб тупроқ қазидим. Нина тўқнайдиган тўқидим, китоб ўқидим. Саид Аҳмадакамга хат ёздим. Тохирий домлани ишдан бўшатибдилар, приказга “ўрин бўлмагани учун” деб ёзилган эмиш. Ваҳоланки, университетда психологиядан ҳеч қандай одам бўлмагани учун студентлар дипломни психологиядан эмас, тилдан ёзишга мажбур бўлмоқдалар. Сабабини билмайман, лекин жуда ачиндим, яхши кўрган домлаларимдан эди. У, машинасини сотиб Москвага бормоқчи эмиш. Жуда яхши қилади. Москва ҳақни юзага чиқармай қўймайди.
26.09.1951й.
Дарсдан келиб, тупроқ қазидим. Конспект кўчирдим, китоб ўқидим. Кечқурун Маузия опа билан бир жинни бўлгандек картада фол очдик. У ҳам овутолмади. Ётдим-да, кўзимни чирт юмиб олдим. Хат келмаётир.
27.09.1951й.
Соат 4ларда дарсдан қайтдим. Бутун куни бўйи табиатим хира бўлиб юрди. Одамларнинг ичида ярамаслари шу қадар кўпки, эй тангрим, нега ўшалар қаторида яратмадинг ёки яратмай қўяқолмадинг! Мен сенинг олдингга “дод!” деб бораман. Агар сен чиндан бор бўлсанг, одамларни мендай бахтсиз яратадиган бўлсанг, яратмай қўяқол. Ахир ижодкорлигинг учун рахмат эмас, лаънат эшитасан холос. Мана, энг мўмин бандаларингдан бири сенга исъён қиляпти. Модомики менинг тақдирим сенинг буйруғинг билан экан, бу исъёним ҳам сенинг буйруғингдандир.
Тавба қилдим, бахтимга онам эсон бўлсин, унинг умрини узун қил. Ҳақ бўлсанг, ҳақиқатни тезроқ юзага чиқар, юзимни ёруғ қил.
28.09.1951й.
Дарсдан сўнг стипендия кутдим. Кассир келмади. Эртага берадиган бўлди. Уйга келдим. Ўзимни жуда ёмон сездим. Кўзим энди очиляпти. Ўз аҳволим ўзимга кундан-кун кучлироқ таъсир этмоқда. Ҳеч нарса қилгим келмади. Турсунойларникига чиқдим, дутор чалиб ўтирдик.
29.09.1951й.
Дарсдан сўнг стипендия олдим. Буфетдан нон оламан (очередь эди) деб партмажлисга кеч қолдим. Мен кирганда Симкин хисобот докладини тугатган экан. Мени ҳам ишламайди, деб танқид қилибди. Рост айтади. Нима дер эдим, бу тўғри гап. Шунақа бўлиб қолдим. Мажлис 7дан ўтганда тугади. 8ларда уйга келдим.
30.09.1951й.
Эрталаб бозорга тушдим. Саид Аҳмадакам учун посылкага ҳаражат қилиб чиқдим. Рахбархонга 180 сўм бердим, яна 120 сўм қарзим қолди, 100 сўм томсувоққа атаб қўйдим. Ёғ идишини Машҳураопам тополмай чиққан экан, ўзим яна бозорга бордим, топиб келдим. Андижондан бувим (онам- ред.) пул билан ёғ бериб юборган экан, олиб келиш учун Саломатхон аяникига бордим. Келгач, халта тикиш ва посылкани жойлаш билан овора бўлдим. Иш ҳам қилмадим, китоб ҳам ўқимадим. Дам олиш куни экан, бошимни ҳам ювиб олмабман.